Зулфия Эшмуратова

Зулфия Эшмуратова

         Эшмуратова Зулфия 1949 йил Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида туғилган.  Миллати ўзбек. Маълумоти олий.

        1975 йил  Ўзбекистон  Республикаси Маданият ишлари вазирлигининг  йўлланмаси  билан  Олим  Хўжаев  номидаги  Сирдарё  вилоят  мусиқали  драма театрига  ишга  келди. Актриса  театр ташкил  топган  кундан  буён  хонанда  ҳамда  драма артисти  лавозимларида  фаолият  кўрсатиб  келмоқда.  Иқтидорли санъаткор  ўтган  ўттиз  уч  йиллик  ижодий  фаолияти мобайнида олтмишдан  зиёд  драматик,  фожеий, мусиқали  ҳам  эртак  қаҳрамонларининг  бетакрор  образларини   яратди.

        А.Балакаевнинг «Она  юраги»  да  Момо,  М.Мирзаева  «Сўнги фожиа» да  Минаввар  Хўжаевна,  А.Гельман  «Имзо» да Виалетта   Матвеевна,  В.Шексир «Ричард –III» да Йорк  Маликаси, М.Сейталиев «Шайтон келинчак» да  Татти, А.Дударев «Оддий аскарлар» да Вера, А.Қаҳҳор «Оғриқ  тишлар» да  Оқила,  М.Каримов «Инсонликка номзод» да Она, Р.Гунтекин «Ҳийлайи шаърий» да  Руқия, А.Буравский «Гапир» да Карпова, Х.Жовуд «Амир Темур» да  Қишлоқлик  Аёл, Ш.Жумаев «Тўй ҳангомалари» да Момо,  К.Аваз  «Марварид  таққан  аёл» да  Сарви, Қ.Муҳаммад Ризо “Тўй” да  Зуҳра, К.Гальдони  «Аёллар машмашаси» да  Сгуальдо,   А.Волков “Жавоҳирлар шаҳри сеҳргари” да Одамхўр  аёл, О.Ҳакимов “Бу чоллар,  ёмон  чоллар” да  Меҳринисо,   И.Турсунова “Стандарт  куёв” да  Салима, И.Турсуновнинг “Фирибгар”  да  Қўшни  аёл – ўқитувчи  ҳамда  А.Цагарелли ва Г.Канчелиларнинг “Хонума хоним” идаги Ануш буви, “Нодирбегим”да Увайсий, “Жонгинам шартингни айт”да Қайнона, “Тафаккур”да Қўши аёл, “Оппоқ қор излаб...”да Буви роллари  шулар  жумласидандир.

       Вилоят  миқёсида  ўйингоҳ  ҳамда томошагоҳларда “Наврўзи  олам”  ҳамда “Мустақиллик” байрамлари  тантаналарида  ижро этган  ранг - баранг  Момолар  ва  Оналар  сиймолари  алоҳида  таҳсинга  лойиқ.

       У  театр хотин қизлар қўмитаси расисаси,  Ўзбекистон  театр  ижодкорлари  уюшмаси  аъзоси. 

       Санъатдаги  фаолияти  ҳамда  жамоат  ишларидаги  юксак хизматлари  муносиб  баҳоланган. У  бир неча бор Ўзбекистон театр ижодкорлари  уюшмаси, ҳокимликлар,  юқори  ҳамда  қуйи  ташкилотларнинг  фахрий   ёрлиқлари, 2008 йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”  фахрий унвони  билан  тақдирланган.

       Зулфия  Эшмуратова   оилалик.  Икки  нафар  фарзанднинг  меҳрибон  онаси.