Театр ва талабалар

Театр ва талабалар

            Аввал хабар берганимиздек, Сирдарё вилоят мусиқали драма театри томонидан Гулистон давлат университетида “Театр ҳафталиги” ўтказилди. Шу йилнинг 5 ноябридан бошланган ушбу ҳафталик куни кеча 13 ноябрга қадар давом этди. Театр репертуаридан ўрин олган М.Каримов қаламига мансуб “Инсонликка номзод” спектакли ҳафталик дастурининг қизиқарли ўтишини таъминлади. Инсонийликни мадҳ этувчи мазкур саҳна асари талабаларни ўзликни англаш билан бирга уларни теран фикрлашга ундайди.

             Давлатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббусининг биринчи босқичидан кўзланган мақсад улғайиб келаётган ёш авлодни санъатга ошуфта этган ҳолда қалбига эзгу ғояларни сингдириш бўлса, Сирдарё театри ижодкорлари ҳам бу шарафли мақсад йўлида юртимиз келажаги ворисларига хизмат қилиб келмоқда. Талабалар учун ташкил этилган мазкур “Театр ҳафталиги” ҳам айнан шундай эзгу амалларнинг бир дебочасидир.

                Театр санъатининг доимий мухлиси, ихлосмандига айланган Гулистон давлат университети талабалари ҳар бир санъат асарини катта қизиқиш билан томоша қилиб келишган. “Театр ҳафталиги”нинг охирги – 13 ноябрь куни ижодкорлар ГулДУнинг Янгиер шаҳридаги филиали педагогика факультети талабалари ҳузурига йўл олди. Университетнинг барча талабалари ва устоз педагоглар театр репертуаридаги спектаклларни мунтазам кузатиб боришади. Шу боис улар ҳар бир спектакль ҳақида ўз таассуротларини тўлиб-тошиб баён этишади.

  • Ҳар гал спектакль томошасига келганимда, албатта, нимадир олишга ҳаракат қиламан, – дейди педагогика факультети 2-курс талабаси Соҳиба Мамажонова. – Ўзим ҳам журналистикага қизиқаман. Гоҳ-гоҳида ёзган мақолаларим туман ва вилоят нашрларида эълон қилиниб туради. Ҳозир болалар тарбияси ва нутқида театрнинг ўрни ҳақида мақола тайёрлаяпман. Шунинг учун ушбу вилоятимиз театри репертуаридан ўрин олган болалар учун саҳналаштирилган эртак-спектаклларни ҳам томоша қилишни кўзда тутганман. Бунинг учун доимо театр билан ҳамнафас бўлишни мақсад қилганман. Бугун намойиш этилган мазкур “Инсонликка номзод”  саҳна асаридан ҳам ўзгача таассуротга эга бўлдим. Ундага актёрлар ижроси таҳсинга лойиқ. Ҳайратланганим боис, тўғриси, бундан ортиқ бир нима дейишга ожизман.

           Спектаклдаги воқеалар ҳақида, унинг бугунги кун билан ҳамоҳанглиги, актёрлар ижроси юзасидан яна бир театр санъати мухлиси педагогика факультети 2-курс талабаси Сарвиноз Орзиқулова ҳам самимий фикрларини билдирди. Ҳар икки мухлис ҳам ўзларининг тенгдошлари, факультети номидан театр ижодкорларига ижодий зафарлар тилаб қолишди.

Спектакль якунида томошабинлар ижрочиларни мунтазам олқишлаганча ўзларининг хурсандчилигини ижодкорларга ҳам улашди.