СПЕКТАКЛЛАР НАМОЙИШИ

СПЕКТАКЛЛАР НАМОЙИШИ

⚡️ Сирдарё театрида спектакллар намойиши

Бугун, яъни 26 январь куни Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг рақс залида Тоғай Мурод асари асосида, Нигора Ғоибназарова инсценировкаси билан саҳналаштирилган “Отамдан қолган далалар” ҳамда М.Беҳбудийнинг “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли” спектакллари томошабинларга муваффақият билан намойиш этилди. 

“Отамдан қолган далалар” спектаклини Гулистон шаҳар 8-сонли умумий ўрта таълим мактабининг педагоглари катта қизиқиш ва ҳаяжон билан томоша қилишди. Барчага яхши таниш бўлган “Отамдан қолган далалар” кенг қамровга эга юксак бадииятли асар ҳисобланади. Ҳам фалсафий, ҳам бадиий юксак ғояга эга асар спектаклда аниқ ва лўнда кўринишда яхлит талқин этилган. Воқеалар ечимини топишда режиссёр рассом билан ҳамфикр бўлган ҳолда ўзига хос услубда ёндашилган. Режиссёрнинг ўз услубини яққол намоён этувчи яна бир жиҳат, саҳнадаги муҳит – декорация ва бадиий безаклар, асосан, рамзий ифодалар орқали спектаклга кўрк бағишлаган. Мусиқалар Фарҳод Қорабоев томонидан айнан асар руҳига монанд танлангани ҳам эътирофга лойиқ. Спектакль якунида томошабинларнинг мунтазам давом этган олқиши томоша уларга манзур бўлганидан далолат эди.

Шу билан бирга театрнинг бир гуруҳ ижодкорлари Гулистон шаҳридаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактабининг юқори синф ўқувчилари учун М.Беҳбудий асари асосида саҳналаштирилган “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли” номли спектаклни намойиш этишди. Мазкур асар ҳам барчамизга яхши таниш бўлса-да, аммо унинг саҳнавий талқинини жонли равишда актёрлар ижросида томоша қилиш кишига ўзгача завқ бағишлаб, хотирада ўчмас из қолдиради. Спектаклни томоша қилган ёшлар ана шундай завқни ҳис қилиш билан бирга маънавий камоллик сари яна бир қадам ташлаган десак адашмаймиз.


Шундай қилиб, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри репертуаридан ўрин олган саҳна асарлари ижодкорлар томонидан бугунги оғир шароитда карантин талабларига риоя этилган ҳолда томошабинлар учун намойиш этилмоқда. 

Спектакллар намойиши ҳали давом этади. Барчангизни янги спектакллар намойишига таклиф этиб қоламиз.