Шухрат Абдуллаев

Шухрат Абдуллаев

          Абдуллаев  Шуҳрат  1973 йил Сирдарё вилояти Оқ  олтин  туманида туғилган Миллати  ўзбек.  Маълумоти  олий.            

          Шуҳрат Абдуллаев  1994 йилдан  буён Олим Хўжаев номидаги Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида  фаолият кўрсатиб келмоқда.

          Хонанданинг аксарият қўшиқлари Ватан, Она,  буюк илоҳий туйғу, ҳис – ҳаяжонларга тўла мавзу – муҳаббат ҳақида. Ёш ҳофиз – ўзининг оллоҳ берган гўзал, ёқимли, ширали, сержило ҳамда мафтункор овози билан куйлаб, кўплаб шинавандаларнинг қалбини ром этиб келмоқда.

          Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат “Санъат” олийгоҳининг “Қўғирчоқ театри  актёри” факультетини  томомлаган Шуҳрат Абдулаев мана  ўн йилдан зиёд вақтдан буён Олим Хўжаев номидаги вилоят мусиқали драма театри ҳамда “Ўзбекнаво” концерт бирлашмаларида актёр ва хонанда сифатида ижод қилиб келмоқда.

           Вилоят театри репертуаридан ўрин олган “Алишер Навоий”  тарихий драмасидаги Мўмин Мирзо, “Бой йўлбарс” даги  Аъло, “Зўрдан зўр чиқса” даги  Йигит (Куёв), “Тентак фаришталар” даги  Индамас, “Амир Темур” даги  Субутой, “Минг бир кеча” даги Ҳосиб, “Тафаккур”да Тангриберди, “Ниқоб”да Терговчи  каби ранг – баранг қаҳрамонлар роллари актёр Шуҳратнинг ижод  альбомини безаб турибди.

          Ёш ҳофиз вилоят ва шаҳар миқёсида ўтказиладиган “Наврўз”, “Мустақиллик” байрамлари ва бошқа тантаналарда ўз қўшиқлари билан барчани хушнуд этмоқда. Шу боис, ҳар сафар қўшиқ шинавандалари, мухлислар суюкли хонандани интиқлик билан кутадилар, олқишлайдилар, гулдасталар тутадилар.

          Хонанда Шуҳрат Абдуллаев 2000 йил май ойида Республика миқёсида ўтказилган миллий ёш эстрада хонандаларининг “Тарона - 2000” кўрик – танловида ўз қўшиқлари билан иштирок этиб, совринли ўринни қўлга киритди.

             2002 йил эса “Ўзбекистон Ватаним маним” қўшиқлар кўрик – танловининг вилоят босқичида энг юқори  баҳо, танловнинг Республика босқичида эса совринли ўрин ва  қимматбаҳо  совғаларни  қўлга  киритди.

           2003 йилда ўтказилган “Азиз Она юртим наволари” кўрик – танловининг вилоят  босқичида  бош  совринни  забт  этди.

          Тиниб тинчимас ижодкор Шуҳрат  доимо янги – янги  образлар  яратиб,  замонавий, мумтоз, халқ қўшиқлари ҳамда  қардош  халқлар  қўшиқларини ўрганиб меъёрига етказиб ижро этиб, ўзининг сержило қўшиқларидан тузилган гулдастасини  мухлисларига  туҳфа  этиб  келмоқда.

            Шуҳрат Абдуллаев оилалик. Уч нафар фарзанднинг отаси.