Шохсанам Турсунова

Шохсанам Турсунова

 

            Турсунова Шохсанам 1994 йил Сирдарё вилояти, Мирзаобод туманида туғилган. Миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус.

            Турсунова Шохсанам 2012 йилда Гулистон Санъат коллежининг “Оммавий байрамлар ва театрлаштирилган томошалар  режиссёрли” бўлимини тамомлаган. 2014 йилдан бугунги кунгача                        Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ўз ижодий фаолиятини давом эттирмоқда.

            Ўтган йиллар мобайнида катта саҳнада фаолият кўрсатиб, ранг-баранг роллар ижро этиб келмоқда. У талқин этган спектакллар қаҳрамонларидан “Аёл қадри”да Фаришта, “Жонгинам шартингни айт”да Қўшни қиз, “Тафаккур”даги дугона, “Чодир хаёл”да масхарабоз, “Оппоғойнинг янги саргузаштларида” Жўжача, “Инсон ўзинг”да Жаннат, “Сирли китоб”да Лайлакой, “Эски шаҳар гаврошлари”да Соқов қиз, “Текинтомоқ”да Мушук, “Қўш арава юки”да Барбара, “Ниқоб”да Сурайё,  роллари шулар жумласидандир.

         Шохсанам Турсунова бетакрор роллари билан бир қаторда рақс санъати сирларини ҳам малакали устозлардан пухта эгаллади. Замонавий, миллий ҳам мумтоз рақсларнинг моҳир ижрочисига айланган раққоса ижросидаги мафтункор “Дуторим”, “Ўрим-ўрим”, “Ҳай-ҳай”, “Дилхирож”, “Муножат”, “Тановор”, “Баҳор” ва бошқа классик, замонавий ҳамда жаҳон халқлари рақслари орқали томошабинлар ва мутахассисларнинг юксак баҳоларига сазовор бўлди.

             Турсунова Шохсанам Республика телевидениясининг “Хушчақчақ” ҳажвий кўрсатувида ва бир нечта кўрсатувлар, видеофильмларда бир қатор ранг-баранг роллар ижро этди.

              Вилоят ва Республика миқиёсида нишонланган “14 январ Ватан ҳимоячилари”, “Наврўзи олам”, “Мустақиллик байрами” ва Президент арчаси” каби сиёсий тадбирларда ҳам бир қатор тарихий ҳамда замондош қаҳрамон шахслар қиёфаларида ҳамда мафтункор рақсларнинг бетакрор ижрочиси сифатида томошабинлар олқишига сазовор бўлиб келмоқда.

            2017 йил якунида Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан таъсис этилган танловда “Йилнинг энг яхши актрисаси” наминациясига сазовор бўлди. Шу билан бир қаторда унинг камтарона ижоди вилоят ҳокимлиги, хотин қизлар қўмитаси ва маданият бошқармаси томонидан бир неча бор эътироф этилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

           Шохсанам Турсунова театрдаги жамоат ишларида фаол иштирок этиб, тенгдошлари орасида намунали хулқи ва изланувчанлиги билан ўрнак бўлиб келмоқда.