Ҳаёт давомида инсон хоҳ мактаб ўқувчиси бўлсин, хоҳ талаба, хоҳ жамият учун хизмат қилувчи шахс, албатта, билим олиб комиллик сари интилади. Биламизки, бу жараёнда театрнинг ўрни беқиёс саналади. Жорий йилнинг 4 октябрь куни Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар педагогика коллежида байрамона шукуҳ сезиларли даражада бўлди. Коллежнинг томоша залида Сирдарё вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан театрнинг бош режиссёри саҳналаштирган, М.Каримов қаламига мансуб “Инсонликка номзод” спектакли ўқувчи ва устозлар учун намойиш этилди.
Спектаклда театрнинг устоз санъаткорларидан, ёш, умидли актёрларигача бир-биридан ажойиб, турфа характердаги қаҳрамонлар яратилди. Томоша бевосита барчанинг тафаккурини фикрлашга ундаб, жамиятда бўлаётган ўзгаришларга, атрофдаги ҳодисаларга нисбатан таҳлилий қарашга даъват этади. Бир сўз билан айтганда спектакль инсонийликни мадҳ этиб, у билан жамият ўртасидаги муносабат ва мулоқотга чорлайди.
Томошабинлар спектаклни мароқ билан томоша қилар экан, воқеалар қизғин тус олганидан ижрочи актёрларни олқишлаб, руҳан мададкор бўлишарди. Бундан завқ олган ижодкорлар образи серқирра ва янада қизиқарли бўлди. Спектакль тугаганда барча ҳаяжонда эди. Шунда коллеж директори сўзга чиқиб, барчанинг номидан, хусусан Янгиер шаҳри аҳолиси номидан чуқур миннатдорлик билдириб, спектакль ҳақида ўзининг илиқ фикрларини билдирди. Томошабинлар залдан чиқар экан, театр ижодкорлари яна янги спектакллар билан келишига умид боғлаб қолишди.
Шу куни Гулистон шаҳар 3-сонли умумий ўрта-таълим мактабида “Театр ибратхонадир” номли ижодий кеча бўлиб ўтди. Учрашув тадбирида театр ижодкорларидан Илҳом Аллаёров, Шуҳрат Абдуллаев ва Муроджон Жумановлар иштирок этишди. Ўқувчилар томонидан ижро этилган кичик саҳнавий лавҳалар, бадиий чиқишлар, улар томонидан ўқилган шеърлар барчага хушкайфият улашди. Шундай кўтаринки руҳдаги кечага театр ижодкорлари ўзларининг ижодий чиқишлари орқали янада мазмундорлик бағишлади. Улар томонидан тайёрланган бадиий композицион кўринишлар ўқувчи ва ўқитувчиларни ҳайратга солди. Театр санъати ҳақидаги қизиқарли маълумотлар, унинг инсон ҳаёти ва жамиятдаги ўрни борасида сермазмун фикрлар билдирилди.