Муҳамедова Гулнора 1989 йил Сирдарё вилояти, Гулистон туманида туғилган. Миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус.Муҳаммедова Гулнора 2008 йилда Гулистон педагогика коллежининг “Бошланғич таълим” бўлимини тамомлаган. 2011 йилдан бугунги кунгача Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ўз ижодий фаолиятини давом эттирмоқда.
Ўтган йиллар мобайнида катта саҳнада фаолият кўрсатиб, ранг-баранг роллар ижро этиб келмоқда. У талқин этган спектакллар қаҳрамонларидан “Қўнғироқли алдоқчи”да Тулкиой, “Аёл қадри”да Нодира, “Жонгинам шартингни айт”да Боғча опа, “Тафаккур”даги дугона, “Чодир хаёл”да қорқиз, “Оппоғойнинг янги саргузаштларида” Тулкиой, “Сирли китоб”да Қизил шапкача, “Севги саройи”да Назира, “Ойдинда юрган одамлар”да қўшни аёл, “Эски шаҳар гаврошлари”да Соқов қиз, “Қўш арава юки”да Мэри, “Текинтомоқ”да Мушукой, “Момо ер”да Алиман, “Оппоқ қор излаб...”да Рапунцел, роллари шулар жумласидандир.
Муҳамедова Гулнора бетакрор роллари билан бир қаторда рақс санъати сирларини ҳам малакали устозлардан пухта эгаллади. Замонавий, миллий ҳам мумтоз рақсларнинг моҳир ижрочисига айланган раққоса ижросидаги мафтункор “Лазги”, “Дуторим”, “Дилхирож”, “Муножат”, “Тановор”, “Баҳор”, “Озарбайжонча” ва бошқа классик, замонавий ҳамда жаҳон халқлари рақслари орқали томошабинлар ва мутахассисларнинг юксак баҳоларига сазовор бўлди.
Вилоят ва Республика миқиёсида нишонланган “14 январ Ватан ҳимоячилари”, “Наврўзи олам”, “Мустақиллик байрами” ва Президент арчаси” каби сиёсий тадбирларда ҳам бир қатор тарихий ҳамда замондош қаҳрамон шахслар қиёфаларида ҳамда мафтункор рақсларнинг бетакрор ижрочиси сифатида томошабинлар олқишига сазовор бўлиб келмоқда.
Шу билан бир қаторда унинг камтарона ижоди вилоят ҳокимлиги, хотин қизлар қўмитаси ва маданият бошқармаси томонидан бир неча бор эътироф этилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Унинг ижодий фаолияти бир неча бор вилоят газеталарида ёритилди.
Муҳамедова Гулнора театрдаги жамоат ишларида фаол иштирок этиб, тенгдошлари орасида намунали хулқи ва изланувчанлиги билан ўрнак бўлиб келмоқда.