ПРЕМЬЕРА, ПРЕМЬЕРА, ПРЕМЬЕРА!!!

ПРЕМЬЕРА, ПРЕМЬЕРА, ПРЕМЬЕРА!!!

        Бугун 20 февраль куни Сирдарё театри жамоаси яна бир муҳим санани театр тарихига муҳрладилар. 2019 йил сўнгида саҳналаштириш ишлари ниҳояланиб давлат комиссиясига муваффақиятли тақдим этилган "Матмуса" спектакли илк бор томошбинлар ҳукмига ҳавола этилди.

         Ушбу саҳна асари атоқли адибимиз Эркин Воҳидовнинг "Иккинчи тумор" асари асосида Ўзбекистон санъат арбоби Жўра Маҳмудов томонидан  ёзилган бўлиб, театрнинг бош режиссёри Мансур Холиқов томонидан саҳнлаштирилди. 

         Спектакль бош қаҳрамони, барчамизга таниш бўлган ўша содда, беғубор ва чапани Матмуса бўлиб, у олим Музроб Маҳмудийнинг қистови билан шаҳарга ўқишга келади ва бошлиқ бўлишга ҳаракат қилади. Олим Музроб Маҳмудий унинг устида тажриба ўтказиб минг куйга солади. Натижада Матмуса ўзининг она қишлоғи Дониш қишлоқни, оиласини, айниқса ўзининг содда ва беғубор Матмусалигини соғинади.  Сохта ва зерикарли ҳаётдан безиган Матмуса Маҳмудийнинг айбларини юзига айтиб, орқасидан излаб келган хотини билан қишлоғига қайтади.

        Спектаклдаги бош қаҳрамони Матмуса ролини иқтидорли актёр Санжар Маманзаров маромига етказиб ижро этди. Актёралардан Қ.Рустамов, Д.Мирсолиева, Ш.Абдуллаев, Ш.Турсунова, М.Жўрбоев, Ғ.Бозоров, И.Қубонов, З.Тожибоев, Б.Мирсаитовлар ҳам ўзларига юклатилган вазифани аъло даражада уддалаб, қаҳрамонлари қиёфасини ёрқин характерлар орқали тўлақонли очиб бера олдилар.   

         Спектакль майдон томошаси шаклида саҳналаштирилган бўлиб, содда ва беғубор Матмусанинг ҳатти ҳаракатлари томошбинда кулги пайдо қилиши билан бир қаторда инсон қадр қиммати унинг мартабаси, лавозими билан эмас, қалбининг гўзаллиги билан белгиланиши хусусида ўйга толдиради. Намойиш сўнгида сўзга чиққан томошабинлар вакили ана шулар хусусида сўзлаб, ижодий жамоага миннтдорчилик изҳор қилди. Премьералар давом этади...