Намойишлар давом этади

Намойишлар давом этади

Жорий йилнинг 30 октябрь куни Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг бир гуруҳ ижодкорлари ижодий сафарга отланди. Улар хушкайфият билан Ховос тумани Фарҳод-5 даҳасидаги 6-сонли мактаб сари йўл олишди. Манзилга етиб келишганда ижодкорлар шодлигу эҳтиром ила кутиб олинди. Ўқувчи-ёшлар ва мухлисларнинг хоҳиш-истагига биноан мактаб маъмуриятидан ажойиб таклиф келиб тушган эди. Шу боис санъаткорлар томонидан мактабнинг фаоллар залида “Санъатимиз сизга армуғон” деб номланган театрлаштирилган мусиқий томоша намойиш этилди. Турли саҳна кўринишлари, ҳажвиявий ҳангомалар ва дилларни хушнуд этиб, катталарнинг ёдига болалик онларини солувчи мазкур томоша барчага манзур бўлди.

Томоша якунлангач, ҳамманинг юзида мамнуният уфуриб турарди. Кўпчилик мухлислар эсдалик учун санъаткорлар билан суратларга ҳам тушиб қолишга улгуришди. Уларнинг хурсандчилигини кўрган театр ижодкорлари ҳам ўзларида янада шижоату ғайратни ҳис қилган ҳолда ортга қайтишди.

Бугун, 31 октябрь куни театр ижодкорлари томонидан ёшларга яна бир туҳфа тортиқ этилди. Гулистон шаҳар “Дўстлик” қўрғони маданият маркази томоша залида Шароф Бошбеков қаламига мансуб “Кўча болалари” спектакли намойиши бўлиб ўтди. Ушбу намойиш Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати ўқувчиларига ҳавола этилди. Ёш томошабинлар актёрлар ижросидан таъсирланган ҳолда томоша давомида ижрочиларни мунтазам олқишлаб туришди. Улар келгусида театр ижодкорлари томонидан яна янги асарлар намойишига умид билдириб қолишди.