Мустақиллик байрами шодиёналари

Мустақиллик байрами шодиёналари

Ватанни куйламоқ, уни мадҳ этмоқ ҳар бир қалбга қанчалар ғурур, қанчалар фахр, қанчалар сурур бағишлайди. Шу боис ҳам ҳар йили юртимиз мустақиллигини нишонлаш олдидан дилга яқин шиор тарғиб этилиб, халқимизни йил давомида шу эзгу ғоя орқали бирлаштиришга ҳаракат қилинади. Бу йил ҳам давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” номли такрорланмас, барчамизга ватанни қадрлаб, унинг шаънини ҳимоя қилишга, юракка унинг сўнмас туйғуларини сингдирувчи сўзлар зарҳал ҳарфлар билан тарихга муҳрланди.

 

 

Сирдарё вилояти бўйлаб мазкур шиор остидаги турли маданий тадбирлар айни авжида. Бу тадбирларда Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Ижодкорлар бу эзгу мақсад йўлида хизмат қилишдан асло чарчамайдилар. Мана, бугун Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳри марказидаги Тўра Сулаймон номидаги амфитеатр саҳнасида ушбу ғоя остидаги мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишланган байрам тантанаси кенг нишонланмоқда. Унда театр ижодкорлари ҳам ранг-баранг тарихий лавҳалари, қизиқарли саҳна кўринишлари, жозибадор ва дилтортар куй-қўшиқ ва рақслари билан ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Айни дамда байрам шодиёнасига тайёргарлик қизғин паллада. Ҳадемай, кечга яқин байрам тантанаси бошланади. Буни қарангки, ҳар бир қалб катта ҳаяжон билан кўрган кўзни ҳайратлантирувчи ушбу байрам дастурини кутмоқда.

Биз эса театр ижодкорларига, шу билан бирга барча иштирокчиларга муваффақият тилаб қоламиз. Байрам муборак азизлар!