МОМО ЕР

МОМО ЕР

13 Noyabr 2019 - 6:06

Буюк адиб ва жамоат арбоби   

Чингиз Айтматов таваллудининг  90 йиллигига бағишланади.

                                          “МОМО  ЕР”                                          

(спектаклнинг қисқача мазмуни)

 

            Ушбу спектаклда тарихнинг энг ҳаяжонли, энг даҳшатли воқеаларидан бири - иккинчи жаҳон уруши йиллари тасвирланади.

            Спектакл  бош қаҳрамон - Тўлғанойнинг она ер билан рамзий, айни чоғда самимий, инсоний суҳбатидан бошланади. Сувонқул, Қосим, Жайноқ, Майсалбек, Алиман каби спектакл қаҳрамонлари гўзал қалб эгалари, бутун фаолиятлари, ҳалол меҳнатлари билан атрофдагиларга манфаат етказувчи фидойи, олижаноб кишилар сифатида томошабин кўз ўнгида намоён бўлади. Эзгулик, инсонга чексиз меҳр муҳаббат спектакл қаҳрамонларининг муқаддас шиоридир.

             Тўлғаной миллий характер доирасидан чиқиб, ўзида умумбашарий хусусиятларни акс эттирувчи оддий қирғиз аёлининг образи сифатида гавланади. У ер  юзидаги энг олий мўътабар жонзот – инсоннинг мангу барҳаётлиги, шахс ва ижтимоий бурч, соф севги ва масъулият  сингари эзгу ғоялар учун курашади. 

             Тўлғаной уруш даҳшатларини, бир-бирини қириб, қон тўкишни мутлақо ғайриинсоний ҳол деб билади. Инсоният бошига кулфатлар келтирган уруш оқбатини кўриб одамларга мурожаат қилади:            “Эй одамлар! Дунёнинг тўрт бурчагида яшаган одамлар, сизларга нима керак - Ерми? Мана ер, у ҳаммаларингизга етади. Талашганнинг кераги йўқ, унга иноқлик керак! Меҳнат керак! У хасис эмас, у ҳаммага баравар етади.”