"Қизил қалпоқча қаерда?" спектакли намойиши

"Қизил қалпоқча қаерда?" спектакли намойиши

Сирдарё вилояти мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлаш тўғрисидаги дастур доирасида спектакллар намойиши давом этмоқда. Жорий йилнинг 22 октябрь куни театрнинг бир гуруҳ ижодкорлари Сирдарё туманидаги 19-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлди. Бу ерда ўқувчилар учун соат 11:00 да Қандиёр Рустамов қаламига мансуб “Қизил қалпоқча қаерда?” мусиқали эртак ва 13:00 да М.Беҳбудий асари асосида “Ўқимаган боланинг ҳоли ёхуд падаркуш” спектакли намойиш этилди.

Қизил қалпоқча бошланишидан олдин театрнинг иқтидорли актёрларидан Шерзод Каттабобоев болалар билан жонли мулоқотда қизиқарли кўринишлар билан уларни хурсанд этди. Ушбу спектакль мактабнинг бошланғич синф ўқувчиларига намойиш этилди.

Томоша жуда қизиқарли тарзда, экран орқали болаларга яхши таниш бўлган мультфильм ва эртак-кино қаҳрамонлари иштирокида бўлиб ўтди. Томошабинлар бу қаҳрамонларни экранларда кўрган, билган, аммо ҳаётда-чи... Болажонлар спектаклда уларнинг қиёфасини худди ҳақиқийдек кўз ўнгида кўришга мушарраф бўлишди. Эртакни томоша қилган болалар куч – бирликда эканига яна бир бор амин бўлишди. Спектаклдан сўнг барча болажонлар шўх куй-қўшиққа рақсга тушишди. Тадбир чин маънода ҳақиқий байрамга айланиб кетди.

Падаркуш спектакли эса мактабнинг юқори синф ўқувчилари эътиборига ҳавола этилди. Спектакль намойишидан олдин театр директори Равшан Ражабов сўзга чиқиб, болажонлар билан эркин мулоқот қилди. “Давлат тили ҳақида”ги Қонун, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва биз учун бебаҳо маънавий бойлигимиз, миллий қадриятимиз экани ҳақида тушунчалар бериб ўтди. Сўнг барчани ушбу сана муносабати билан театр жамоаси номидан муборакбод этди.  “Падаркуш” спектакли бошланди.

Ўқувчилар спектаклни диққат билан томоша қилишди. Актёрлар ижросидан мароқ билан ҳузурланиб ўтиришгани сезилиб турарди. Томоша якунлангач, улар юзидаги қувончу шодлик фикримизни тасдиқлаб турарди. Устозлар эса театр ижодкорларидан яна янги асарлар билан келишларига умид билдириб, мамнуният билан хайрлашди.