Қандиёр Рустамов

Қандиёр Рустамов

Қандиёр Рустамов 1980  йил   Навоий вилояти Қизилтепа  туманида туғилган. Миллати    ўзбек.  Маълумоти:  олий.

Қандиёр Рустамов Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг санъатшунослик факльтетида таҳсил олган. 2000 йилдан  бугунги  кунгача  Сирдарё вилоят мусиқали драма  театрида  ўз  ижодий  фаолиятини  давом  эттирмоқда.

Бир неча йиллар давомида вилоят ва Республика миқёсида нишонланаётган Мустақиллик ва “Наврўз” умумхалқ байрамлари ҳамда нуфузли оммавий тадбирлар сценарий муаллифи, режиссёр ҳамда суҳандон сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Қ.Рустамов 2004 йил “Аскиячи ва қизиқчилар” кўриктанловининг республика босқичида 2-ўринни, 2012 йил “Суҳандон ва конферансьелар” кўрик-танловининг республика босқичида фахрли 1 ўринни эгаллади.

Унинг театр саҳналаридаги турли ёш, турли касб, турлича феъл-атворга эга бўлган драматик, лирик ҳамда ўткир характерли қаҳрамонлар ижросининг самимийлиги билан томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлмоқда.

Жумладан; “Падаркушда”да Зиёли, “Меҳрибонлар”да Ботир, “Заҳарли томчилар”да Зокир, “Қорқиз ва шум жодугарлар”да Қуёнча, “Тўй ҳангомалари”да Йигит ва Куёв, “Қичқир хўроз”да Хўроз, “Хотинимнинг уч ошиғи”да Шогирд, “Таррослик ёвуз”да Метин, “Шум бола”да Омон, “Оловуддиннинг сеҳрли чироғи”да Оловиддин, “Аёллар машмашаси”да Ҳаммол, “Чиполлино”да Граф Олча, “Бремен созандалари”да Қароқчи, “Ғаройиб томоша”да Хофизали, “Қор ёғмайдиган мамлакат”да Вазир, “Фирибгар”да Акрам, “Хонима хоним”да Акоп, “Сирли башоқ”да Сардор Чумоли, “Хотинлар “гап”идан чиққан ҳангома”да Комил, “Инсон ўзинг”да Азиз, “Каккули соат”да Кузницов, “Жонгинам шартингни айт”да Қўшни, “Тафаккур”да Қудалар, ҳамда “Чодир ҳаёл томошаси”да Качал полвон каби спектаклдаги ролларини маҳорат билан ижро этган.

Унинг “Арғувон” номли пьесаси Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси томонидан “Жозиба” номли тўпламга киритилиб, 500 нусхада китоб шаклида нашр этилган бўлиб, мазкур саҳна асари Республика театрларида мувваффақиятли саҳналаштирилган.

“Хайр мактабим”, “Олам кўркисан аёл” ва “Янги йил карнавали” театрлаштирилган мусиқали шоу томошаларининг ҳам мустақил саҳналаштирувчи режиссёри, сценарий муаллифи ҳамда бошловчилиги алоҳида таҳсинга лойиқ.

Унинг муаллифлиги ва режиссёрлигидаги “Янги йилнинг янги томошаси”, “Оппоғойнинг янги саргузаштлари” спектакллари ёш томошабинларни эзгу ғояларга ундаб, уларда катта қизиқиш уйғотган.