"Инсонликка номзод" спектаклининг навбатдаги намойиши

"Инсонликка номзод" спектаклининг навбатдаги намойиши

 Сирдарё вилоят мусиқали драма театри жамоаси ижодий сафар билан мухлислар кўнглини шод этмоқда. Шу йилнинг 19 октябрь куни театрнинг бир гуруҳ ижодкорлари Максим Каримовнинг “Инсонликка номзод” (публицистик драмаси) спектакли билан Ширин шаҳрига йўл олишди. Мазкур спектакль инсоний туйғулар, одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ватанпарварлик, инсонпарварлик, юртга садоқат ва уни севиш, энг муҳими, чин инсон қандай бўлиши кераклигини намоён этувчи, умуминсоний қадриятларни ўзида акс этган санъат асаридир.

     Спектакль Ширин шаҳар Болалар мусиқа ва санъат мактабининг томоша залида кенг аҳоли қатламига намойиш этилди. Томоша бошланишидан олдин театрнинг ёш иқтидорли актёри Қандиёр Рустамов ва устоз ижодкорлардан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Шариф Жумаев, Адҳам Абдуллаев, Мавлуда Маматиллаохунова, “Дўстлик” ордени соҳиби Иброҳим Қосимов, истеъдодли актёрлар Шерзод Каттабобоев, Лутфия Маманазарова ва Дилором Мирсалимовалар Президентимизнинг “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинган кунни кенг нишонлаш тўғрисидаги Қарори юзасидан ўз фикрларини билдириб, ушбу сана мамлакатимизда байрамона шукуҳда кенг нишонланаётганини ҳам айтиб ўтдилар. Сўнг барчани ушбу сана муносабати билан театр жамоаси номидан муборакбод этишди.

     Томошабинлар спектаклни диққат билан томоша қилар экан, актёрлар ижроси ва томошадаги воқеалардан таъсирланиб, ўзларини улар билан ёнма-ён ҳис қилгандек, эди гўё. Томоша якунлангач, мухлислар орасидан ҳам ташкилотчи, ҳам жамоатчи бўлган фаол аёллардан Ширин шаҳар Амир Темур маҳалласининг раиси Мамлакат Абдурасулова Она тилимиз бўлмиш ўзбек тили ҳамда у ҳақидаги Қонун қабул қилинган куннинг ҳаётимиздаги тутган ўрни, намойиш этилган спектакль ҳақида ҳам дилидаги илиқ фикрларни баён этди.

  • Вилоятимизда муҳташам ҳисобланмиш ягона бўлган мусиқали драма театрида шундай ижодкорлар борлиги бизнинг фахримиз ҳисобланади, – дейди М. Абдурасулова. – Улар томонидан ижро этилган бугунги “Инсонликка номзод” спектакли ҳам яна бир сара санъат асарлари сирасидан деб биламан. Ундаги воқеалар бугунги кунда кўз ўнгимизда содир бўлаётган жараёнлардир. Ҳар биримиз ҳар доим шундай ҳолатга дуч келамиз, аммо эътибор бермаймиз. Ушбу спектакль ана шундай давримизнинг долзарб масалаларини ўзида акс эттирган жуда яхши санъат асари бўлибди. Мамнуният билан шуни айтаманки, ҳали яна бошқа маҳалладаги юртдошларимиз, маҳалладошларимизга ҳам шу спектаклни томоша қилишларини тавсия этамиз. Бунинг учун театр жамоасини яна кўп бора Ширин шаҳримизга таклиф этиб қоламиз. Сизлар билан ҳамкорлигимиз узоқ давом этади.

     Ҳамманинг юзида мамнуният уфуриб турарди, бу эса спектакль барчага манзур бўлганидан далолат эди. Шундай қилиб Сирдарё вилояти мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан навбатдаги спектакль намойиши ҳам муваффақиятли тарзда қувончли ўтказилди.