Ғайрат Бозоров

Ғайрат Бозоров

 

         Бозоров Ғайрат 1990 йил  Сирдарё вилояти, Ховос туманида туғилган.  Миллати ўзбек,маълумоти олий.Бозоров Ғайрат 2015 йилда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтини “Оммавий байрамлар режиссураси” факультетини тамомлаган. 2015 йилдан бугунги кунгача Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ўз ижодий фаолиятини давом эттириб келаётган изланувчан ёш ижодкорлардан бири.

         Ўтган йиллар мобайнида театр саҳнасида самарали фаолият кўрсатиб, турли-туман ролларни масъулият ва маҳорат билан ижро этиб келмоқда. У талқин этган спектакллар қаҳрамонларидан “Оппоғойнинг янги саргузаштларида” Билимдон, “Сирли китоб”да Зомби “Ниқоб”да Талаба, “Кўча болалари”да Ҳарбий, “Ким аълочи”да Бўри, “Қўш арава юки”да Инспектор Траутон, “Текинтомоқ”да Кучуквой “Момо ер”да Майсалбек “Оппоқ қор излаб...”да Олапар  роллари шулар жумласидандир.

           Бозоров Ғайрат Сирдарё вилоят телевидениясининг “Сирдарёча кулгу” ҳажвий кўрсатувида, видеофильмларда бир қатор катта-кичик ролларни маҳорат билан ижро этди.

             Вилоят ва Республика миқиёсида нишонланган “Конституция куни”, “14 январ Ватан ҳимоячилари”, “Наврўзи олам”, “Мустақиллик байрами” ва “Президент арчаси” каби сиёсий тадбирларда ҳам бир қатор тарихий ҳамда замондош қаҳрамон шахслар қиёфалари ижрочиси сифатида томошабинлар олқишига сазовор бўлиб келмоқда. Вилоятда ўтказиладиган турли байрам ва тадбирларда бошловчилик фаолияти билан ҳам кенг жамоатчилик назарига тушди.

              2017 йил якунида Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган “Йил фаоллари” танловида “Йилнинг энг яхши актёри” наминациясига сазовор бўлди. Шу билан бир қаторда унинг камтарона ижоди вилоят ҳокимлиги, хотин қизлар қўмитаси ва маданият бошқармаси томонидан бир неча бор эътироф этилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

           Бозоров Ғайрат театр касаба уюшмаси аъзоси сифатида жамоат ишларида фаол иштирок этиб, тенгдошлари орасида намунали хулқи ва изланувчанлиги билан ўрнак бўлиб келмоқда.

Бозоров Ғайрат оилали, 1 нафар фарзанднинг отаси.