Энг муҳими режиссёр ишончи

Энг муҳими режиссёр ишончи

МЕН УЧУН ЭНГ МУҲИМИ-

 РЕЖИССЁРНИНГ ИШОНЧИ

 

         Сирдарё вилояти мусиқали драма театри ижодкори, VII-Халқаро театр фестивлида “Момо ер” спектаклидаги Тўлғаной образи учун “Энг яхши аёл роли учун” номинациясига сазовор бўлган Ўзбекистонда хизмат кўратган артист Мавлуда Маматиллохунова билан суҳбат.

         Омадни баъзида кутиш билан кифояланамиз. Ундан кейин ўзимизни омадсизликда айблаб, ўксиниб ҳам қўямиз. Бугунги суҳбатдошимиз иқтидорли актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Маматиллаохунова эса омаднинг калитини тинимсиз меҳнатда деб билади. Унга ишониб топширилган роллар ҳарчанд мураккаб ва масъулиятли бўлмасин, гарчи ич –ичидан қўрқиб турса-да буни ҳеч кимга билдирмасдан, фақат образи ҳақида ўйлайди, изланади, топади...   

        - Мавлуда опа, санъат соҳасини танлаган аксарият ёшларда пойтхтда ижод қилиш, тезроқ танилиш истаги бўлади, сизда эса аксинча... пойтахтда туғилиб, ўсиб, Санъат институтида таҳсил олиб, Мирзачўлга келгансиз ва мана 40 йилдирки шу ердаги вилоят мусиқали драма театрида фаолият юритяпсиз. Бунга нима сабаб бўлган?

        - Ҳақиқатдан ҳам 1979 йили ёз ойларида институтни тамомлаганимизда давлат комиссияси йўлланмаси билан Сирдарё театрига 5 нафар курсдошларим билан юборилганмиз. Гулистон шаҳрига келиб, очиғи қўрқиб кетганман. Кичкинагина, кўримсизгина, бетартибгина шаҳарча эди. Қандай яшар эканмиз бу ерда, деб ўйланиб ҳам қолган эдик. Мана орадан шунча вақт ўтди, Гулистон ҳақиқий гулистон бўлди. Афсуски турли сабабларга кўра театрда ҳозирги кунда  курсдошлардан ёлғиз ўзим қолдим.

        - Театрдаги дастлабки қадамингиз ва илк ролингизни эсласак…

        - Бизни театр жамоаси, жуда ҳам илиқ қарши олган. Ўша пайтда Ўзбекистон санъат арбоби Маҳкам Муҳаммедов Маяковскийнинг “Ҳаммом” асари устида иш олиб бораётган эдилар. Менга шу асардаги Нурафшон аёл ролини ишониб топширишган.

        - Мавлуда опа, ижод йўлингиз давомида талайгина режиссёрлар билан ишлагансиз. Умумий қилиб айтганда актриса сифатида режиссёрлардаги қайси хислат ёки хусусиятларни қадрлаган бўлар эдингиз?

        - Дарҳақиқат фаолиятим давомида Ўзбекистон Халқ артисти Б.Йўлдошев, Ўзбекистон санъат арбоблари М.Муҳаммедов, Ж.Маҳмудов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист В.Умаров каби таниқли режиссёрлар қўлида рол ижро этиш насиб этди.  Мен биринчи навбатда режиссёрнинг актёрга бўлган ишончини қадрлайман. Яъни қайсидир ролни режисёр “кел шу артист хафа бўлмасин” ёки “шу актёр бўш юрмасин…”, деб эмас, ишонч билан менга топширса ва ўз навбатида мен ҳам ўша ишончга яраша бор куч ва маҳоратимни сарфлаб интилсам... ана ўшанда ҳақиқий, тўлқонли образ шаклланади деб ўйлайман.

       - Сени куйлаймиз замондош Республи фестивлида (2015 йил) “Тафаккур” спектаклидаги Бувзилол байча ролингиз “Энг яхши аёл роли ижроси учун” номинациясига лойиқ деб топилган эди. Ҳар бир театр актёри учун бу энг катта баҳо бўлса керак...

      - Очиғи мен бундай эътирофни кутмаган эдим. Режиссёримиз С.Мелиев бу спектаклни саҳналштираётган пайтда “Мавлуда опа, сиз мана шу аёлни қандай тасаввур қиляпсиз? Сиз талқинингизни тақдим этинг, маъқул келмаса мен сизга ўз тавсиямни бераман”, деган эди. Асарни қайта-қайта ўқиб, тасаввуримда гавдаланган Бувзилолни ўйнаган эдим, режисёрга ҳам маъқул келди ва фестивалда менга мана шундай бахт насиб этди.

      - Сизнинг қирқ йиллик ижод йўлингизни энг ёрқин нуқталаридан бири сифатида Туроб Тўланинг “Қувваи қаҳқаҳа” (“Нодирабегим”) асаридаги Нодирбегим образингиз десак муболаға бўлмас. Мана шундай ўзбек мумтоз шоираси тимсолини гавдалантириш билан бирга Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошевдек режиссёр билан ишлаш осон кечмагандир?

      - Аксинча, шундай муракаб образни ижро этиш учун мана шундай буюк устознинг таълимини олиш мен учун улкан бахт ва ўз навбатида катта масъулият юклади. Б.Йўлдошев устозимиз жамоамиз билан суҳбатлашганларида кимнинг қандай роллар ўйнашни орзу қилиши хусусида сўраганларида мен Нодирабегим ролини ижро этиш ниятим борлигини айтган эдим. Устозимиз шу асарни саҳналаштириб, менга ишонч билдирганликлари учун чексиз миннатдорман. Билсизми, ярим оқшомлари уйғониб кетиб, асардаги ғазалларни, сўзларимни қайтариб ўтирганимда ёнимда кимдир тинглаб тургандек бўлар эди. Балки бу менинг тасаввуримдир... чунки шу ролни ижро этишим учун туну-кун шоиранинг руҳидан мадад сўраганман.   

     - Энди Халқаро майдондаги улкан муваффақият ҳақида... Мавлуда Маматиллаохунова Қозоғистон республикасида бўлиб ўтган VII-Халқаро театр фестивлида Тўлғаной роли учун “Энг яхши аёл роли учун” номинациясига сазовор бўлди. Айнан фестивалнинг тақдирлаш маросимида янграган бу эътироф сизга қандай кечинмаларни бахш этди?

     - Ўша пайтдаги ҳаяжонимни тасвирлаб бера олмайман. Саҳнага чиқиб, мукофотни қабул қилиб, жойимга қайтиб ўтиргунимга қадар “Момо ер” спектаклининг режиссёри Нигора Ғойибназарованинг “Опа, сиз астойидил ҳаракат қилинг, мевасини албатта кўрасиз” деган сўзлари хаёлимга келди. Мен бу режиссёрни ёш бўлса ҳам узоқни кўра оладиган, келажаги порлоқ мутахассис эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Режиссёримизнинг талабчанлиги ва иқтидори, театримизнинг ҳозирги кундаги раҳбари Равшан Ражабовнинг тадбиркорлиги ва жамоамизнинг якдиллиги натижаси ўлароқ Сирдарё вилояти мусиқали дарама театри тарихига ушбу илк Халқаро фестивалдаги иштироки ва муваффақиятлари заррин ҳарфлар билан муҳрланди деб ўйлайман. Дарвоқе ушбу фестивалда “Энг яхши сценография учун” номинацияси ҳам “Момо ер” спектаклининг рассоми Ўзбекистон санъат арбоби Шуҳрат Абдумаликовга насиб этиб, қўшалоқ муваффақият билан қайтган эдик.

    - Сиз  ва барча Сирдарё театрининг устоз санъаткорлари шу даргоҳнинг шаъни, мавқеи, ижодий парвози йўлида тинимсиз меҳнат қилиб, театрнинг ривожини таъминладингиз. Табиийки келажакда бу маскан ишончли қўлларда бўлишини истайсиз. Ҳозирги кунда театрда фаолият юритаётган ёшлар ҳақида нималар дея оласиз?

     - Менинг театримиз келажаги ва ёшларидан кўнглим тўқ. Бири-биридан иқтидорли йигит қизларимиз биз билан саҳнадош бўлиб ижод қилмоқдалар. Баъзан уларга ҳавасим ҳам келади. Мамалакатимизда санъат ва маданият ривожи учун юксак эътибор қаратилиб, улкан имкониятлар яртилмоқда. Ана шу шароитлардан унумли фойдаланиб, мазза қилиб ижод қилишсин, дунё саҳналарини забт этишсин.   

 Орзу инсонни яшашга ундайди, мақсадли ҳаркатлар амалиёти сари чорлайди. Айниқа санъаткорнинг орзуси беғубор; у доим халқ эътибори-ю, олқишига сазовор бўлишга интилади.  М.Маматиллаохуновадан орзулари тўғрисида сўраганимда Б.Брехтнинг “Кураж она ва унинг болалари” асаридаги Кураж она ролини ижро этиш нияти борлигини айтди. Сирдарё театрининг Нодираси номини олган бу ғайратли ижодкоримизга орзулари ушалиб, янги умидлар сари интилишдан толмаслигини тилаймиз. 

Қандиёр Рустамов суҳбатлашди.