Дилором Мирсалимова

Дилором Мирсалимова

             Мирсалимова Дилором 1980 йилда Бухоро вилоятида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти ўрта махсус.                                                                      

            Дилором Мирсалимова Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида 2003 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

           Д.Мирсалимова театрда саҳналаштирилган турли жанрдаги спектаклларда асосан бош ва етакчи қаҳрамонлар образлрини ижро этиш билан бир қаторда намойиш этилган театрлаштирилган мусиқали томоша дастурларида ўз рақслари билан ҳам фаол иштирок этди.

           Истеъдодли, қизиқувчан ижодкор, театрда ишлаш билан бирга рақс санъатини чуқурроқ ўрганиш, ўзлаштириш мақсадида “Ўзбекрақс” миллий рақс бирлашмаси Сирдарё вилоят бўлимида фаолиятини давом эттирди. Мазкур жамоада устозларидан ўзбек миллий, қардош ҳамда жаҳон халқлари рақслари тарихи ва сиру синоатларини ўрганди. Миллий мумтоз рақсларнинг моҳир ижрочисига айланган раққоса ижросидаги мафтункор “Таманно”, “Оразибон лазги”, “Омон ёр”, “Рохат”, “Дилхирож”, “Муножат”, “Тановор”, “Баҳор” ва бошқа классик, замонавий ҳамда жаҳон халқлари рақслари орқали томошабинлар ва мутахассисларнинг юксак баҳоларига сазовор бўлди.

             Ўтган йиллар мобайнида Д.Мирсалимова турфа рангдаги рақслар ижро этиш билан бирга айни пайтда театрда саҳналаштирилган 40 дан зиёд спектаклларда, жумладан: “Зўрдан зўр чиқса” спектаклида Раққоса, “Оловиддиннинг сеҳрли чироғи” да Шаҳризода, “Бўғирсоқ” да Қуён, “Шўх шайтончалар” да Ойбегим, “Ваққос ва Паққос” да Чилтоной, “Баҳорой ва шумжодугарлар” да Баҳорой, “Она юраги” да Минжа, “Тўй” да Раққоса, “Аёллар машмашаси” да Элеанора, “Жавоҳирлар шаҳри сеҳргари” да Қизалоқ, “Ёмоннинг бир қилиғи” да Жодугар, “Стандарт куёв” да Моҳира, “Заҳарли томчилар” да Дилфуза, “Бремен созандалари” да Малика, “Қайроғоч соясидаги эҳтирос” да Абби, “Хонума хоним”да Кабато, “Хотинлар “гап” идан чиққан ҳангома” да Бону, “Қотил юраги” да Изабел, “Бола Йўлбарс” да Дилбар, “Бу юрт муқаддас тупроғимдир...” (Нодирабегим) да Хонпошшаойим, “Инсон ўзинг...” да Райҳон, “Ойдинда юрган одамлар” да ёш Оймомо, “Аёл қадри” да журналист Ойдин, “Қўш арава юки”да Барбара, “Кўча болалари”да Ўқитувчи, “Момо ер”да Алиман, “Оппоқ қор излаб...”да Қизил шапкача ролларини маҳорат билан ижро этди.

          Д.Мирсалимова 2003 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган “Мукарамма Турғунбоева номидаги Республика ёш раққосалар кўрик-танлови”да фаҳрли иккинчи ўринни эгаллади.

         Тошкент шаҳри ҳамда вилоятда нишонланган “Мустақиллик”, “Наврўз” умухалқ байрамлари, “8 март-Халқаро хотин-қизлар куни” каби байрамлар, давлат тадбирларида доимий равишда иштирок этиб келмоқда.

             2018-йили Қозоғистон Републикасида бўлиб ўтган VII-Халқаро фетивалда намойиш этилган “Момо ер” спектаклидаги Қосим образи нуфузли ҳакамлар эътирофига сазовор бўлди.

              У жамоат ишларида фаол иштирок этиб, тенгдошлари орасида изланувчанлиги, хушмуомалалиги билан намуна бўлиб келмоқда.

               Фидойи ва меҳнатсевар ижодкор Д.Мирсалимова оилали 2 нафар фарзанди бор.