Болажонлар қувончи

Болажонлар қувончи

Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг бир гуруҳ ижодкорлари томонидан жорий йилнинг 28 октябрь куни Гулистон шаҳар “Дўстлик” маданият маркази томоша залида Қандиёр Рустамов қаламига мансуб “Қизил қалпоқча қаерда?” номли мусиқали эртак спектакли намойиш этилди. Спектакль Гулистон шаҳар 15-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари эътиборига ҳавола этилди.

Эртак-томоша экран орқали болаларга яхши таниш бўлган мультфильм ва эртак қаҳрамонлари талқини билан жуда қизиқарли кўриниш касб этади. Ёш томошабинлар бу қаҳрамонларни нафақат экранларда кўрган, балки ўзлари шу образларга тақлид ҳам қилишади.

Шу боис бўлса керак, ўқувчи-ёшлар ана шу қаҳрамонлар бугун уларнинг кўз ўнгида намоён бўлганидан чексиз бахтиёр эди. Чиндан ҳам улар спектаклда ўзларининг севимли қаҳрамонлари қиёфасини худди ҳақиқийдек кўришга мушарраф бўлишди. Эртакни томоша қилган болалар куч – бирликда эканига яна бир бор амин бўлишди.