Адҳам Абдуллаев

Адҳам Абдуллаев

        Абдуллаев Адхам 1953 йил Тошкент вилоятида туғилган. Маълумоти олий.

        2002 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони билан мукофотланган.

         А.Абдуллаев 1975 йил Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг йўлланмаси билан Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида ўз ижодий фаолиятини бошлади.

         Театр ташкил топган кундан буён драма артисти ва театр адабий эмакдоши лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Театр репертуари, тарғиботи, тил, нутқ муаммолари бўйича ишлаш билан бирга ранг-баранг роллар ижро этиб томошабинлар ҳамда мутахассисларнинг этиборини қозонди.

         Ўқиш, ўрганиш, меҳнатсеварлик, тинимсиз изланишлар энг муҳим ҳислатларидан бўлган ижодкор ўтган йиллар мобайнида 130 дан зиёд драматик, трагик, ҳажвий, мусиқий ҳамда эртак қаҳрамонларининг бетакрор образларини яратди.

         “Сўнгги фожеа” да Шавкат, “Серғайрат кишилар” да Соддадил, “Ричард-III” да Лорд Хестингес, “Ҳаммом” да Белвидонский, “Қизбулоқ” да Гунг, “Имзо” да Леонид Шиндин, “Сохта оқсуяк” да Рақс муаллими, “Чорбоғдаги ҳангомалар” да Ломов Иван Васильевич, “Алишер Навоий” да  Маждидин, “Оддий аскарлар” да Капитан Дугин, “Ҳийлайи шаърий” да Шариф, “Чандунинг саргузашлари” да Кеку Банья, “Қирол Лир” да Герцог Альбани, “Тентак фаришталар” да Қайсар, “Амир Темур” да Сардор Оқбуға, “Эркакларни асранг аёллар” да Собир, “Тарослик ёвуз” да Зия Челакчи, “Тўй” да Темурбек Назаржонов, “Аёллар машмашаси” да Панталонэ, “Бу чоллар “ёмон” чоллар” да Қандак ота, “Фирибгар” даги Фаттох бой, “Сирли бошоқ” да Деҳқонбобо, “Қотил юраги” да Луиджи Ломбарди, “97-хона” да Эр, “Бу юрт муқаддас тупроғимдир” (Нодирабегим) да Шоир Ҳозиқ, “Инсон ўзинг” да Рахмонали ҳамда “Қутича ёки Жинни бўлиш ҳеч гап эмас” даги Эсонбой, “Момо ер” даги Усенбой роллари шулар жумласидандир.

       Саҳна устаси А.Абдуллаевнинг театр репертуаридан ўрин олган “Илтимос”, “Чорбоғдаги ҳангомалар”, “Эҳ, овсинлар, овсинлар”, “Тўй ҳангомалари” ва “Марварид таққан аёл” каби турли мавзу ва жанрдаги спектаклларни катта муваффақият билан саҳналаштирган режиссёр эканлигини алоҳида қайд этмоқ жоиз.

         А.Абдуллаев Республика Мустақиллик байрами, “Наврўзи олам” ҳамда буюк алломалар таваллуд кунлари ва юбилейлари муносабатлари билан ўтказилган бадиий мусиқий байрам кечаларида режиссёрлик қилди, “Широқ”, “Ат Термизий”, “Шоҳ Доро”, “Шох Маҳмуд”, “Амир Темур”, “Мирзо Улуғбек”, “Абдулла Қаҳҳор” каби бобоколонларимиз тимсолларини яратди.

          Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг «Олтин мерос» фонотекасидан жой олган М.Бобоевнинг “30 ёшлилар” ида Курс етакчиси, “Ер томири” да Ўрол, А.Гельман “Имзо” да Леонид Шиндин, В.Шекспир «Ричард-III» да Лорд Хестингес, А.Буравский «Гапир» да Каробкин, Ян Солович “Ғаройиб гадо” да Мриница, Ж.Сараан “Маъмура кампир” да Хайрулло, Ю.Бўлат ва Э.Налбандов “Дабдабали тўй” да Асанбой, Х.Жавуд “Амир Темур” да Сардор Оқбуға, К.Гальдони “Аёллар машмашаси” да Панталонэ, О.Ҳакимов “Бу чоллар “ёмон” чоллар” да Қандак ота образларини алоҳида қайд этмоқ жоиз.

        Театршунос, журналист сифатида “Сирдарё вилояти театри тарихи, актёр ва режиссёрлари фаолиятига оид ёзган ўнлаб илмий мақолалари Республика ва вилоят газета ҳамда журналларида чоп этилган.

          Фаол жамоатчи А.Абдуллаев театр касаба уюшмаси қўмитаси ва Бадиий кенгаши ҳамда Ўзбекистон театр ижодкорлари уюшмаси аъзоси.

         А.Абдуллаев 2001 йилда “Йилнинг энг яхши актёри” номинацияси ғолиби бўлган.

        Халқ таниган санъаткор, тажрибали устоз ва самимий инсон сифатида ҳурмат қозонган.