"Отамдан қолган далалар" ПРЕМЬЕРА

"Отамдан қолган далалар" ПРЕМЬЕРА

Сирдарё театрида премьера:

“Отамдан қолган далалар” спектакли

 

Куни кеча 7 январь куни Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида яна бир янги спектакль премьераси бўлиб ўтди. Театрнинг рақс залида ўзбек халқининг севимли адиби Тоғай Мурод асари асосида, Нигора Ғоибназарова инсценировкаси билан саҳналаштирилган “Отамдан қолган далалар” спектакли илк томошабинларга муваффақият билан намойиш этилди. 

Спектаклнинг илк томошабини вилоятнинг Мирзаобод туманига қарашли ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ хизматчилари ва жамоатчиликдан иборат бўлди. Барчага яхши таниш бўлган “Отамдан қолган далалар” асари кенг қамровга эга катта роман ҳисобланади. Унда уч авлод ҳаётидан ҳикоя қилинувчи воқеалар акс этган. Ана шундай ҳам фалсафий, ҳам бадиий юксак ғояга эга асар инсценировкаси спектаклни саҳналаштирувчи режиссёр Н.Ғоибназарова томонидан аниқ ва лўнда кўринишда яхлит ҳолда саҳнага мослаштирилган. Эътиборли бўлган муҳим жиҳати – режиссёр асарни саҳналаштиришда муаллиф айтмоқчи бўлган фикр, яъни ғояни спектаклга сингдира олган. Воқеалар ечимини топишда ҳам рассом билан ҳамфикр бўлган ҳолда ўзига хос услубда ёндашилган. Режиссёрнинг ўз услубини яққол намоён этувчи яна бир жиҳат, саҳнадаги муҳит – декорация ва бадиий безаклар, асосан, рамзий ифодалар орқали спектаклга кўрк бағишлаган. Бунда албатта, саҳналаштирувчи рассом Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Шуҳрат Абдумаликовнинг ҳам саҳнавий муҳитни яратишдаги ифода усули спектакль муваффақиятига самарали хизмат қилгани яққол кўзга ташланади. Мусиқалар ҳам Фарҳод Қорабоев томонидан айнан асар руҳига монанд танлангани ҳам эътирофга лойиқ.

Спектаклда театрнинг устоз санъаткорларидан истеъдодли, тажрибали, ёш актёрларигача бўлган ансамбль ўзиги берилган образларни моҳирона ярата олишган. Жумладан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шариф Жумаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озодахон Абдуллаева, актёрлар Шуҳрат Абдуллаев, Барно Мирсаидова, Шерзод Каттабобоев, Қандиёр Рустамов, Мурод Жуманов, Санжар Маманазаров, Гулнора Муҳаммедова, Бобур Бойзоқов, Раъно Ҳайитова сингари ижодкорлар ўзларининг бир-бирини такрорламайдиган кўринишда талқин этган қаҳрамонлари билан барчага манзур бўлди. Бу эса ўз навбатида спектакль якунида томошабинлар ижодкорларни давомий олқишлаганлари орқали намоён бўлди.

Шундай қилиб, Сирдарё вилояти мусиқали драма театри репертуари яна бир янги, яхши саҳна асари билан бойиди. Спектакль премьералари ҳали давом этади. Барчангизни премьерага таклиф этиб қоламиз.