Мурод Жуманов

Жуманов Муроджон  1984 йил Сирдарё вилояти  Боёвут  туманида туғилган. Миллати  ўзбек. Маълумоти  ўрта  махсус.

Жуманов Муроджон  2001-2004 йилларда Гулистон Санъат коллежининг “Оммавий тадбирлар режиссёри” бўлимида таҳсил олган. 2004 йилдан бугунги кунгача Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида ўз ижодий фаолиятини давом эттирмоқда.

Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида саҳналаштирилган “Тўй” спектаклидаги Журъат, “Жавоҳирлар шаҳри сеҳргари” да кучукча Тотошвой, “Келинг бир кулишайлик” да ҳар хил образлар,  “Чиполлино” да Сеньор Помидор, “Ёмониннг бир қилиғи” да Қароқчи,  “Заҳарли томчилар” да Асрор, “Падаркуш” да Тошмурод, “Қор ёғмайдиган мамлакат” да Шахзода, “Хонума хоним” да Анзор ҳамда “Ғаройиб карнавал” Эчкича, “Хотинлар “гап”идан чиққан ҳангома”да Комил, “Сирли бошоқда”да Шамолвой, “Инсон ўзинг” трагикомедиясида Азиз, , “Баджаҳл қуёнча”да Қувноқ бобо, “Кўча болалари”да Милиционер, “Ниқоб”да Мхх ходими, “Тафаккур” раис Эшбоев, “Ойдинда юрган одамлар”да Қоплон, “Бу чоллар, ёмон чоллар”да Зойир почтачи, “Жонгинам шартингни айт”да  Қўшни,  “Оппоқ қор излаб...” каби  ролларни ижро этган.

Вилоят ва Республика миқиёсида нишонланган “Конституция куни”, “14 январ Ватан ҳимоячилари”, “Наврўзи олам”, “Мустақиллик байрами” ва “Президент арчаси” каби сиёсий тадбирларда ҳам бир қатор тарихий ҳамда замондош қаҳрамон шахслари қиёфалари ижрочиси сифатида томошабинлар олқишига сазовор бўлиб келмоқда. Бундан ташқари вилоят бўйлаб ўтказилган тарғибот гуруҳлари, ижодий учрашувлар каби вилоят тадбирларида ҳам мунтазам бошловчи сифатида иштирок этиб келади.

Жуманов Муроджон  иштирокидаги “Хушчақчақ” гуруҳи кенг томошабинлар оммаси ҳамда Қўқон ва Хонободда ўтказилган қизиқчи ва аскиячилар кўрик танловларида муваффақият билан чиқишлар қилиб, катта олқишларга сазовар бўлиб келди. Ўзбекистон телевидениеси  томонидан тасвирга олинган “Хушчақчақ”, “Табассум”, “Қувноқ телевизор”  ҳажвий кўрсатувларида ҳам мунтазам иштирок этиб ойнаи жаҳон мухлисларининг назарига тушди.

2012 йил пойтахтда бўлиб ўтган Республика “Сухандонлар ва конферансьелар”  кўрик танловида фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, нуфузли ҳакамлар ҳайатининг дипломи ва қимматбаҳо совғаларини қўлга киритди.

2015 йили Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида 72 соатли малака ошириш курсида таҳсил олиб қайтди.

Шу билан бир қаторда унинг камтарона ижоди вилоят ҳокимлиги, хотин қизлар

қўмитаси ва маданият бошқармаси томонидан бир неча бор эътироф этилиб, фахрий

ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жамоат  ишларида фаол иштирок этиб, театр жамоаси орасида намунали хулқи ва изланувчанлиги билан ўрнак бўлиб келмоқда.

Доимо ижодда, изланишда бўлган Муроджон Жуманов оилалик. Уч нафар фарзанднинг отаси.