Сирдарё театри 45-мавсумини бошлади

Сирдарё театри 45-мавсумини бошлади

Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида 45-ижодий мавсумнинг очилиши.

     Ҳадемай, Сирдарё театри жамоаси уч йиллик таъмирланишдан сўнг янгича қиёфа касб этган бинода фаолиятини бошлайди. Шундай бўлса-да, шу давр мобайнида театр ижодкорлари асло изланишдан тўхтагани йўқ.

    12 сентябрь Гулистон шаҳрининг “Дўстлик” қўрғонидаги “Дўстлик” маданият марказида катта шодиёна. Бу кун Сирдарё вилояти мусиқали драма театри ижодкорлари учун яна бир унутилмас санага айланди. Театр жамоаси ўзининг навбатдаги 45-мавсумининг очилишини тантанали тарзда нишонлади.

     Театр санъати ихлосмандларини ўз бағрига чорлаган маданият маскани ўзгача қиёфа касб этган. Томошабинлар энг аввал маскан ҳовлисига кирар экан, театр созандаларию хонандалари ижросидаги дилни хушнуд этувчи дилрабо куй-қўшиқлар, латофатли раққосаларнинг жозибадор рақсларидан кайфиятларини чоғ этишди.

    Ҳатто дилтортар мусиқий кечага шунчаки томошабин бўлиб туролмай, раққосаларга қўшилиб, ўзларининг маҳоратини ҳам кўрсатиб қўя қолишди. Хурсандчиликдан раққосалар билан бирга рақсга тушиб, мароқ билан маданий ҳордиқ чиқаришди.

    Сўнг барча маданият маркази биносига таклиф қилинди. У ерда эса ажиб манзаранинг гувоҳи бўласиз. Бир томонда ўтмишни акс эттирувчи театр санъатининг декоратив безаклари. У ерда миллий қаҳрамонларимиз қиёфасидаги тарихий сиймолар барчани кутиб олди.

     Буни кўрган томошабинлар ҳайратдан тасаннолар айтишарди. Яна сал нарига юрганда адибимиз Эркин Воҳидов асари асосида саҳналаштирилаётган “Матмуса” спектаклидан мусиқий кўринишга дуч келишди. Унинг ёнида театр репертуаридан ўрин олган “Инсон ўзинг...” спектаклидан саҳна декорацияси безаклари зеб бериб турарди. Энг ажабланарлиси, булар қаторида девонаи дарвеш образи бўлди.

      Мўъжаз бир кулбанинг кўримсизгина кичик ғорни эслатувчи ғаройиб кўриниш ҳосил қилган жойида у ғайриоддий ҳаракатлар билан барчанинг ҳайратига ҳайрат қўшди. Ушбу қиёфани қайси актёр акс эттириб ижро этганини нафақат томошабинлар балки, театримиз ижодкорлари ҳам таний олмади.

      Бир сўз билан айтганда, театр бош режиссёри Мансур Холиқов, серқирра ижодкор Қандиёр Рустамов ва рассом Исмат Юнусовлар томонидан кутилмаган, қизиқарли қилиб театрлаштирилган бадиий композиция ўзига хос узвийликни таъминлаб, барчага хушкайфият бағишлади.

     Мазкур ажойиб томошалардан лол қолган меҳмонлар қандай қилиб томоша залига кириб келишганини ҳам сезмай қолди. Саҳнага Сирдарё театри ижодкорлари таклиф этилиб, узоқ йиллик фаолияти ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Сўнг вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Сирдарё ҳақиқати” газетасининг маънавий-маърифий бўлими мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева сўзга чиқиб, театр жамоасини янги мавсум бошланиши билан қутлаб, ўзининг дил изҳорини йўллаб қолди.

     Шу билан бирга Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов ҳам ўзининг самимий тилакларини театр ижодкорларига йўллади. Мана шундай табриклардан сўнг барча йиғилганларга Чингиз Айтматов асари асосида саҳналаштирилган “Момо ер” спектакли намойиш этилди.

     Спектакль тугагач, томошабинлар ижрочиларни давомий қарсаклар билан олқишлаб, анвойи гуллар ила ижро этилган саҳна асари қанчалик манзур бўлганини аён этишди. Бундай эҳтиромдан театр ижодкорларининг ҳам қалби тўлқинланиб, қувончи чексиз эди.

     Театр директори Равшан Ражабов сўзга чиқиб, жамоа номидан барчага миннатдорлик билдириб, кейинги томошаларга таклиф этиб қолди.  Бир сўз билан айтганда, барчанинг хурсандчилиги олам-олам эди.