Нафиса Холматова

Нафиса Холматова

Холматова Нафиса 1973 йил Фарғона вилоятида туғилган. Миллати ўзбек, маълумоти ўрта.Холматова Нафиса 1990 йилдан бугунги кунга қадар Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ўз ижодий фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида театрда саҳналаштирилган  ранг-баранг спектакллар, театрлаштирилган томошалр ва тадбирларда мунтазам иштирок этиб, турли характерли образларни гавдалантириш билан бир қаторда қўшиқ ва арияларни ҳам маҳорат билан ижро этиб келмоқда. У театрда саҳналаштирилган  “Олтин жўжа” спектаклидаги Жўжа, “Қоринботир”да Қуёнхон, “Афандининг беш хотини”да Тўтихон, “Туяқуш бояқиш”да Жўжахўроз, “Дабдабали тўй”да Нияр, “Тентак фаришталар”да Паранжи, “Амир Темур”да Мелича хоним, “Қорқиз ва шум жодугарлар”да Қорқиз, “Минг бир кеча”да Шахризода, “Аловиддиннинг сеҳрли чироғи”да Малика, “Тўй”да Насиба, “Зўрдан зўр чиқса...”да Қиз, “Жонгинам шартингни айт”да Яйра, “Тафаккур”да Сарвиноз,  “Эски шаҳар гаврошлари”да Саёҳатхон, “Ниқоб”да Аксана каби бир қатор тарихий, драматик, мусиқали ҳамда эртак спектаклларда ёрқин характерли ролларни катта маҳорат билан ижро этиб келмоқда.

Иқтидорли санъаткор Н.Холматова иштирокидаги  “Қоринботир”, “Дабдабали тўй”, “Тентак фаришталар”, “Амир Темур”, “Тўй”, “Жонгинам шартингни айт”, “Тафаккур” спектакллари Республика телевидениеси видеотасмаларига муҳрланган бўлиб, мунтазам равишда намойиш этиб келинмоқда.

  Вилоят ва Республика миқиёсида нишонланган “14 январ – Ватан  ҳимоячилари”, “Наврўзи олам”, “Мустақиллик байрами” ва “Президент арчаси” каби сиёсий тадбирларда ранг – баранг  қўшиқлари ҳамда бир қатор тарихий қаҳрамонлар образларининг бетакрор ижрочиси сифатида томошабинлар ва кенг жамоатчилик эътирофи ва олқишига сазовор бўлиб келмоқда.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Наврўз”, “Мустақиллик куни”, “Ўзбек миллий академик драма театрининг 100 йиллиги” каби Республика миқиёсида нишонланган давлат тадбирларидаги иштироки алоҳида эътирофга молик.

Ўтган йиллар давомида “Ўзбектелефильм” киностудияси томонидан тасвирга олинган “Янги ой чиққан кеча” кўп қисмли видеофильмидаги Малика ва бошқа фильмлардаги бош ва етакчи роллари билан ойнаи жаҳон мухлисларининг эътиборини қозонди.

Нафиса Холматова 1997 йил Соҳибқирон Амир Темур тавллудининг 660 йиллиги муноабати билан пойтахтимиз Тошкентда ўтказилагн Халқаро фестивалда олий ўринга сазовор бўлган Сирдарё вилоят театрининг “Амир Темур” тарихий дрмасидаги Мелича хоним ҳамда “Тентак фаришталар”даги Паранжи роллари ижроси учун “Энг яхши аёл роли ижрочиси” наминацияларига сазовор бўлган.   

Шу билан бир қаторда унинг камтарона ижоди вилоят ҳокимлиги, хотин қизлар қўмитаси ва маданият бошқармаси томонидан бир неча бор эътироф этилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Нафиса Холматова оилали, 1 нафар фарзанднинг онаси.